Мактабгача ёшдаги болаларнинг ота-оналарига меҳнат таътили таътиллар жадвалидан қатъи назар тақдим этилади

Мактабгача ёшдаги болаларнинг ота-оналарига меҳнат таътили таътиллар жадвалидан қатъи назар тақдим этилади

Ўзбекистонда мактабгача ёшдаги болаларнинг ота-оналарига карантин даврида меҳнат таътилини тақдим этиш тартиби тасдиқланди.

Хусусан меҳнат таътили болалар боғчалари тарбияланувчилари ва 1-4 синф ўқувчиларининг ота-оналарига (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, васийларга) болалар боғчалари ва мактаблар фаолияти тўхтатиладиган карантин даврида тақдим этилади. Таътил ходимнинг хоҳиши бўйича, таътиллар жадвалидан қатъи назар (биринчи иш йили учун 6 ой ишлаш шарт эмас) тақдим этилади.
 
Агар ходим болалар боғчаси ёки мактаб фаолияти тўхталишидан олдин меҳнат таътилини олган бўлса ёки меҳнат таътилини олишни истамаса, унда унинг розилиги билан қуйидагиларни қилиш мумкин:

вақтинчалик масофадан туриб ишлашга ўтиш, қайишқоқ иш жадвали ёки уйда ишлаш;
иш ҳақини сақлаб қолмаган ҳолда таътил тақдим этиш.
 
Иш берувчи ходимдан таътил бошланадиган ва якунланадиган сана кўрсатилган меҳнат таътилига чиқиш ҳақидаги ариза олинган кунда буйруқ чиқаради.
 
Таълим муассасаларида карантин давом этиши муносабати билан меҳнат таътили якунланган куни ишга чиқиш имконияти бўлмаганида, ходим иш берувчига таътил муддати ва қачон бошланиши кўрсатилган иш ҳақини сақламаган ҳолда таътилга чиқиш ёки вақтинчалик масофадан туриб ишлаш режимига ўтказиш ёки уйда ишлаш ҳақидаги аризани юборади.
 
Иш берувчи аризада кўрсатилган санадан бошлаб иш ҳақини сақламаган ҳолда ходимга меҳнат таътилини бериши шарт. Бунда Меҳнат кодексида белгиланган максимал муддатга қўйиладиган чекловлар карантин даврида қўлланмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.