«Миллий тикланиш» етакчиси Тошкентдаги концертда СССР байроғининг кўтарилишини қоралади

“Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси Алишер Қодировнинг фикрича, Тошкентдаги “Халқлар Дўстлиги” саройи олдида ўтказилган концертда СССР байроғининг кўтарилишини “ғаразли провокация” ҳисобланади. Бу ҳақда UzNews нашри хабар беради.

«Биз санъатга қарши эмасмиз, санъатни сиёсатга қурол қилинишига қаршимиз.

Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаймиз», – дейди Қодиров.

Шунингдек, Алишер Қодиров Бош прокуратурадан “провокацияга тегишли баҳо берилишини” кутиб қолишини қўшимча қилган.

Қайд этиб ўтамиз, 1 май куни “Халқлар дўстлиги” саройи олдида Михаил Турецкийнинг «Хор Турецкого» ва SOPRANO жамоалари концерт берди. Унда нафақат фронт ва урушдан кейинги қўшиқлар, балки ҳамма учун севимли бўлган хитлар ҳам куйланди.

Фотосурат: facebook.com/russiauz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.