Монополияга қарши курашиш қўмитаси AKFA университети тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зид деб ҳисоблайди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси AKFA университети тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зид деб ҳисоблайди

“AKFA университетининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарор лойиҳасининг айрим бандлари Рақобат тўғрисидаги қонун талаблари ва қатор президент фармонларига зид эканини билдирмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, ҳужжатга мувофиқ (2-банд) AKFA университетига Қибрай туманининг “Парвоз” маҳалласи майдонида қарийб 30 гектар майдонни ажратиш таклиф этилмоқда. Бу ерда замонавий ўқув бинолари, ўқув-амалиёт бинолари, кампуслар, спорт иншоотлари қуриш ва жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ мулкини бузиш ва дарахтлар кўчатларини бошқа жойга кўчириш ишлари Тошкент шаҳар маъмуриятининг зиммасига юклаш мўлжалланган.
 
Қўмита хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3677-сонли қарорининг 1-бандига асосан 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби ўрнатилган.
 
Шунингдек қарор лойиҳасининг 4-бандига асосан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги “Акфа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги 130-сон қарорида университетга белгиланган шартлар ҳамда имтиёзлар ушбу қарор кучга киргандан бошлаб 3 йил муддатга тўлиқ қўлланиши; истисно тариқасида эса, 2021 йил 1 апрелга қадар қурилиш ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда олиб бориш ҳамда лойиҳа хужжатларини дунёнинг илғор (Корея, Германия, Туркия) давлатлари қурилиш нормалари асосида амалга оширишга рухсат берилиши белгиланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу имтиёзларнинг тақдим этилиши ҳақидаги баёнотни чоп этган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши таъқиқланиши кўрсатилган.

Қўмитанинг таъкидлашича, “Акфа университети” МЧЖга имтиёз бериш таълим бозорида фаолият олиб бораётган бошқа хусусий таълим муассасаларига нисбатан устунлик берилишига олиб келади ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади. “Ушбуларни инобатга олиб, қарор лойиҳасининг 4-банди иккинчи ва тўртинчи хатбошиларни чиқариб ташлаш лозим”, – дейилади хулосада.
 
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу Қарор лойиҳасини қабул қилиниши оқибатида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликлар берилиши “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сонли қарори талабларига зид эканлигини инобатга олиб, қарорни мазкур қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослаштирилгандан сўнг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади», – дея таъкидлашмоқда қўмитадагилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.