Мудофаа вазирлиги “Қарши-Хонобод” авиабазасида токсик моддалар билан заҳарланиш ҳолатлари бўлмаганини билдирди

Мудофаа вазирлиги «Қарши-Хонобод» ҳарбий зонасида радиация мавжудлиги масаласига муносабат билдириб, аҳоли орасида нур касаллиги билан боғлиқ бўлган касалликлар қайд этилмаганлигини таъкидлади, деб ёзади “Газета” нашри Kun.uz нашрига таянган ҳолда.

«Мазкур масалаларни биз ижтимоий сайтларда кузатиб турибмиз. Бугунги кунда Хонобод аҳоли пункти ҳарбий қисмнинг ёнидаги маҳалла. Халқи соппа-соғ, тиббий кўрикдан ўтиб, армияга, керак бўлса авиация билим юртига кирганлар бор. Соғлом бўлсагина учувчи бўлади, биласизлар», — дейди Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров.

«Айнан ўша ерда 30 йилдан бери хизмат қилиб келган қоровуллар, техниклар бор. Майли офицерлар 5 йил, 5 йил ротациядан ўтказилади. Лекин АҚШ дан келган контингенти у ерда 5 йилдан ортиқ турмаган. Бизникилар у ерда 15−20 йиллаб, бир умр ўша ерда хизмат қилганлар бор. Мана шу нарсаларда кузатилмаяпти ҳозир. ОАВ вакиллари, блогерлар қизиқиб кўрадиган бўлса, одамлар соғ-cаломат юрибди. Бу масалани ҳамма бирлашиб туриб ҳал қимайдиган бўлса, мунозарали баҳслар кетаверади», — дейди у.

«Бунга албатта, юқори ҳукумат даражасида, ТИВ билан бамаслаҳат ташқи иқтисодий ҳамкорлик манфаатларимизга путур етмайдиган даражада, жуда нозик ёндашиш керак. Бизда туризм ривожланиши олдинда. Бу ерда бирорта давлат бизга қарши иш қилмоқда деб айтмаймиз. Лекин мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри эканлиги яққол кўриниб турибди», — дея қўшимча қилади Баҳром Зулфиқоров.

Бундан олдин Дональд Трамп ўз президентлигининг сўнгги кунида 2001−2005 йилларда «Қарши-Хонобод» авиабазасида хизмат қилган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини текшириш бўйича топшириқ берган эди. Улар зарарли моддалар ва радиация таъсирига тушган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.