Мудофаа вазирлиги қимматбаҳо ручкалар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан харид қилинишини билдирди

Мудофаа вазирлиги томонидан режалаштирилаётган ручкалар хариди ижтимоий тармоқлардаги ўзбек  сегментида ва интернет-сайтларда кенг муҳокамага сабабчи бўлди. Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, ручкаларни вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобдан харид қилиш кўзда тутилган.
 
«Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва хорижий давлатлар мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорлик битимлари ҳақидаги муҳим ҳужжатларни имзолаш расмий тадбирларида фойдаланиб келинган канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган ва уларнинг фойдаланиш муддати якунига етмоқда», – дейилади вазирлик тарқатган хабарда.

«Шу боис, келгусида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канцелярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилган. Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади». 

Шу мақсадда мазкур турдаги маҳсулотларни етказиб берувчи маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини ўрганиш учун вазирлик ишлар бошқармаси томонидан давлат харидлари порталида ручка харид қилиниши ҳақидаги эълон жойлаштирилган.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас, балки бозор қоидаларига кўра тадбиркорлик ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотларнинг маҳсулот ва нархлар бўйича барча таклифлари ўрганилади, танлов асосида якуний хулосага келинади. Худди шундай талабларга жавоб бера оладиган бошқа фирмаларга тегишли маҳсулотлар таклифи ҳам ўрганиб чиқилади».

Фотосурат: Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.