Мусулмонлар идораси ҳайдовчининг тезликни ошириш оқибатида ҳалок бўлишини ўз жонига қасд қилишга тенглаштирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати ЙҲҚга амал қилиниши бўйича фатво эълон қилди. Шариат қонунларига кўра фатволарга ижтимоий қоидалар сифатида қаралади, мусулмонлар уларга амал қилиши шарт.  Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади “UzNews” нашри.

Фатвога кўра:

— йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръан вожиб амал ҳисобланади. Мусулмонлар ушбу қоидаларга эътиқодан ва қунт билан амал қилишлари керак;

— рухсат этилгандан юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи шаръий жиҳатдан ҳаддидан ошган ва ўз жонига қасд қилган мақомида ҳисобланади;

— йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган ёки бунга лаёқати бўлмаган шахсларнинг транспорт воситасини бошқариши жоиз эмас;

— йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолатда транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас;

— транспорт воситаси йўлга яроқли бўлмаган ҳолатда ундан фойдаланиш шаръан ман этилади;

— йўл жамоа фойдаланадиган тармоқ экани сабабли йўл ҳаракати иштирокчилари ўзаро одоб ва маданият билан муносабатда бўлишлари, бошқаларга халақит беришдан, қўпол сўз ва хатти-ҳаракатлардан сақланишлари лозим.

«Мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидалари, одоб ва маданиятларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, балки амалдаги йўл ҳаракати қонун-қоидаларига амал қилиш – Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.