Наманган вилоятида қизни кетмон дастаси билан ургани учун фуқарога нисбатан “енгил тан жароҳати” моддаси бўйича иш қўзғатилди
Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро М.К. Тўрақўрғон тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда, куёви Тўрақўрғон туманида яшовчи А.Х. қизи У.Х.ни жорий йил 12 апрель куни рашк сабабли уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилиб, куёвига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда Наманган ИИБ матбуот хизмати хабар беради.
“Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра фуқаро У.Х.нинг тан жароҳатлари кўкрак қафаси орқа юзаси чап ва ўнг томонларида тўқима дефекти билан бўлган яралар борлиги, кўкрак қафаси олд ва орқа юзаларида, елка камарида, ҳар иккала елкаларида, билакларида, қўл кафтларида, сонларида териости гематомалар борлиги, ҳар иккала кўз қовоқларида юзида, кўкрак қафаси олд юзасида, бош тепа соҳасида қонталашлар аниқланган бўлиб, ушбу жараҳатлар ўтмас қаттиқ буюм таъсиридан келиб чиққанлиги, айрим қонталашлар фонида илмоқсимон, бир томони очиқ овал шаклли эканлиги, цлиндирик кўринишли бошқа қонталашлар аниқланганлиги, булар ярим қаттиқ буюм ҳисобланган арқон таъсиридан юзага келган бўлиши инкор этилмаганлиги, аниқланган жароҳатлар соғлиқни қисқа вақт- 6 кундан кўп 21 кундан кам бўлган муддатга бузилишига олиб келадиган ҳусусиятга эга бўлгани учун оғирлик даражасига кўра, соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган”, – дейилади хабарда.
«Не молчи» (“Жим турма”) лойиҳасининг қайд этишича, ФҲДЁда ушбу фуқароларнинг муносабатлари қайд этилмаган, улар фақат никоҳ ўқитган.
«Уришлар биргаликдаги турмушнинг биринчи куниданоқ бошланган. Куёвнинг синглиси уни келинга қарши гиж-гижлаган, келин бошқа эркаклар билан мулоқот қилишини айтган. Куёв келинни ҳар сафар урган. Қиз тикувчилик цехида ишлаган, куёв унинг ишига кўпинча жанжал билан келган. Қиз ота-онасига бу ҳақда айтмаган, уларни хафа қилишдан қўрққан. Оиласи учун чидаб келган. У эри билан 9 ой яшаган. 16 апрель куни навбатдаги жанжалдан кейин эри уни арқон билан боғлаб, кетмон билан ура бошлаган. Хиёнатини тан олишни талаб қилган – қиз ўзига туҳмат қилган, чунки уни шу жойнинг ўзида ўлдириб қўйишидан қўрққан. Эркак кетмон дастаси синганидан кейин уришдан тўхтаган».
Лойиҳанинг қайд этишича, “қасддан енгил тан жароҳатини етказиш” моддасини “қийнаб азоблаш” (Жиноят кодексининг 110-моддаси) моддасига алмаштириш зарур.
Фотосурат: «Не молчи» лойиҳаси
Шарҳлар