Наманганда тартибсизликлар билан якунланган “Навбатҳор” ва “Пахтакор” ўртасидаги ўйиндан кейин жиноят иши қўзғатилди, деб ёзади Sputnik нашри ҳудуд ИИБ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг бешинчи тури ўйини пайшанба куни кечқурун Намангандаги “Марказий” стадионида ўтказилган. Унга қарийб 16 минг киши кирган.

Ўйин “Пахтакор” фойдасига 1:2 ҳисоб билан якунланган. Ўйин натижасини 89-дақиқада пенальти билан урилган гол ҳал қилган. Ҳакам ушбу лаҳзани видеода такрор кўрганидан кейин ўн бир метрлик зарбани тайинлаган. Ўз жамоасининг мағлубиятидан норози бўлган наманганлик мухлислар ҳакамларга ва футболчиларга қарата пластик бутилкалар отган.
 

Фотосурат: Championat Asia

Наманган вилоят ИИБнинг қайд этишича, юз берган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” ва “г” бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Тартибсизликларнинг олтита иштирокчисига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) бўйича айблов, яна бир нафарига – 183 ва 194 моддалар (“ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) бўйича айблов қўйилган.

Воқеа тафсилотларини ишчи гуруҳ ўрганмоқда.

Бундан олдин Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси норози мухлислар билан тушунтириш ишлари олиб борилганини, йилиғган тўда эса тарқатиб юборилганини маълум қилганди. Ҳакамлар, футболчилар ва “Пахтакор” фан-клубининг 35 нафар аъзоси шаҳарни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамроҳлигида тарк этган.
 
Бундан ташқари, “ўз норозилигини фаол билдирган ва бошқаларга таъсир кўрсатишга уринган иккита мухлис” Давлатобод туман ИИБга етказилган, бу ерда уларнинг шахси аниқланиб, тушунтириш суҳбати ўтказилган.

Бу футбол ўйини пайтидаги биринчи тартибсизлик ҳолати эмас. Ўтган йил декабрь ойида футболчилар ва мухлислар  Фарғонадаги ҳал қилувчи ўйинда ҳакамларни дўппослаганди.