Навоий вилоятида 4 млрд сўмга қурилган болалар боғчаси авария ҳолатида

Навоий вилоятида 4 млрд сўмга қурилган болалар боғчаси авария ҳолатида

Навоий вилоятининг Конимех туманидаги 2-сонли «Олтин калит» мактабгача таълим ташкилоти шу йилнинг февраль ойида тантанали равишда фойдаланишга топширилган эди. Боғча қурилиши учун 4 млрд сўм сарфланган. Шунга қарамасдан, ҳозирда муассаса таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» кўрсатувида маълум қилинди.
 
Видеодан кўриш мумкинки, бинонинг ички девори ва шифтида ёриқлар пайдо бўлган, бунга эса қурилиш вақтида ғиштларнинг нотўғри терилгани сабаб қилиб кўрсатилади. Конимех тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Хонимгул Норбоева эса интервью давомида: «Юқори ташкилотимизга хат билан чиқдик. Бўлимимиз қурилиш фирмаларига чиқиб, маслаҳатлашиб, бузиб, деворни қайтадан тиклаш ишлари бошланиб кетуди», — дея қайд этади.
 
«Қайтадан бутунлай деворни янгидан қилиб беришни масаласини биз кўтариб чиқдик. Ҳеч қандай девор қуламаган, фақат ёриқ бўлган эди. Ёриқни олиб ташлаб, гипсокартон билан таъмирлаб беришди. Бу қўшимча хожатхона ва ювиниш хоналарининг деворлари», — дейди боғча директори Бибигул Аҳмедова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.