Навоийда болалари билан биргаликда поезд остига ётиб олган аёлнинг ўлим ҳолатлари ўрганилди

21 март куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Совунгар” маҳалласида яшовчи аёл ўзи ва фарзандларининг жонига суиқасд қилгани билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ушбу ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова  Навоий вилояти ҳокимлигига хат билан чиқди, деб ёзади юқори палата матбуот хизмати.  
 
Ушбу маҳалла патронаж ҳамширасининг берган маълумотига  кўра, фуқаро З.Жабборова 2021 йилнинг январь ойида ҳомиладорлиги туфайли мурожаат қилган. У тиббий кўрикдан ўтказилганда ушбу ҳомила ҳам қиз эканлиги аниқланган. Натижада аёл ўз хоҳиши билан ҳомиласини олдириб ташлаган.

«Фуқаро З. Жабборованинг яқин қариндошлари билан суҳбатлашилганда, оилавий шароити моддий жиҳатдан ўртаҳоллиги, сўнгги вақтларда у билан турмуш ўртоғи О.Рўзиев “Сен ўғил фарзанд туғмайсан” деб жанжаллашиб турганлиги сабабли, унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги, лекин қолган оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормаганлиги, руҳий жиҳатдан соғломлиги, яқин қариндошлари орасида руҳий касаллик белгилари мавжуд бўлганлар йўқлиги аниқланган», – дейилади хабарда.

Шунингдек, фуқаро З.Жабборова оиласидаги келишмовчилик юзасидан бирор маротаба МФЙ ходимларига ёки туман ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилмаганлиги қайд этилади.
 
Айни вақтда Навоий транспорт прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.