Навоийда ногиронлиги бор кишини таҳқирлаган фуқаро қўлга олинди

Навоийда ақли заиф эканлиги айтилаётган фуқарога азоб бериб, содир бўлган ҳолат видеосини интернетда тарқатган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар беради, деб ёзади “Дарё” нашри.
 
23 январь куни Telegram’да Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони эканлиги айтилаётган фуқаронинг бўйнига арқон билан азоб беришгани тасвирланган видео тарқалди.
 
Вилоят ИИБ томонидан ушбу видеолавҳани ўрганиш давомида унда тасвирланган фуқаро ҳақиқатан ҳам Навбаҳор тумани «Янгийўл» маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Ш.У. экани ҳамда ҳолат 22 январь куни соат 14:00 да содир бўлгани аниқланган.
 
«Мазкур видеолавҳа фуқаро П.К томонидан ўзининг яшаш хонадонидаги молхонасида, шунчаки ҳазил учун олингани ва дўстларига ташлагани, ижтимоий тармоқларга қандай чиқиб кетганлигидан хабари йўқлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Навбаҳор туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.