Нукусда март ойидан бери пиёдалар кўприги қурилиши якунланмаяпти: унинг қурилишига 1,5 млрд сўм сарфланган

Нукусда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмасига кўра  1,5 млрд сўмга қурилган темир йўл устидан ўтган пиёдалар кўпригида ишлар якунланмаган, шунга қарамасдан яқин атрофда яшайдиган мактба ўқувчилари ва микротуманлар аҳолиси ундан фойдаланишни давом этмоқда. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.
  
Нашрнинг қайд этишича, бу Нукусдаги иккинчи пиёдалар кўприги. Ушбу кўприк орқали 22, 27, 34, 41 мактаб ўқувчилари ҳамда «Кускул-3» маҳалласининг 22, 23 микротуманлари аҳолиси ҳаракатланади. Кўприкдан ўтувчи мактаб ўқувчиларининг сўзларига кўра, у қимирлагани сабабли кўпчилик ундан ўтишга қўрқар экан. Кўпчилик кўприкдан ўтмасдан, темир йўлнинг ўзини кесиб ўтади. Темир йўлни кесиб ўтганлик учун жарима кўзда тутилган.  
 
Кўприкнинг таянч қисмларида ёриқлар пайдо бўлган. Нашр электр симлар тўлиқ ёпилмай, хавфсизлик талаблари тўлиқ таъминланмагани ҳақида маълумот берганди. Унинг қурилиши 2021 йилнинг январь ойида бошланиб, март ойида фойдаланишга топширилган. Қурилиш ишлари билан “Кўприк қурилиш” ДУК шуғулланган.


 
Бироқ ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Кўприкнинг устки қисми ёпилмаган. Пиёдалар ўтадиган қисм фақат бетон билан қолган. Кафель ва брусчаткалар тўшалмаган. Aммо, кўприк лойиҳаси тақдим этилган расмда юқоридагилар акс этган. 
 
Бундан бир ой олдин маҳаллий телевидениеда «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ Қўнғирот туманлараро темир йўл узели бошлиғи Aмир Эмбергенов бу каби қурилишлар яна давом этишини айтиб ўтган.

Фотосурат: Kun.uz, Makan.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.