ОАВни рўйхатдан ўтказиш осонлашади

ОАВни рўйхатдан ўтказиш осонлашади

Энди Давлат хизматлари маркази орқали ёки my.gov.uz платформаси ёрдамида ариза юборган ҳолда ОАВни рўйхатдан ўтказиш мумкин, дея хабар беради Давлат хизматлари маркази.
 
Сўровномага оммавий ахборот воситаси таҳририяти юридик шахс бўлмаган ҳолларда таҳририят тўғрисидаги низомнинг нусхаси ҳамда муассис иккита бўлган тақдирда таъсис шартномаси илова қилинади. Ариза берувчи учинчи шахс бўлган тақдирда, тегишли тартибда берилган ишончноманинг электрон нусхаси сўровномага илова қилинади.

Ваколатли орган 15 кун мобайнида QR-код қўйилган оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этади.

Ариза берувчи хабарнома ва ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарорни олган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида хабарномада белгиланган миқдорда давлат божини тўлайди. Улар қуйидагича:
 
– даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқ.) – 12,5 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида;
 
–теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари – 15 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида;
 
– маҳсулотлари Интернет глобал тармоғи орқали тарқатиладиган ОАВ  (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқ.) – 50 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида;
 
– асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги ОАВ (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқ.) – 2,5 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида;
 
– реклама хусусиятига эга бўлган ОАВ (газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқ.) – 25 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида;
 
– ОАВнинг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган ОАВ маҳсулотлари ва бошқ.) – 12,5 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида.
 
ОАВни қайта рўйхатдан ўтказиш учун, давлат рўйхатидан ўтказиш учун кўзда тутилган давлат божи суммасининг 50% миқдорида давлат божи ундирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.