Олий суд Бўстонлиқ туманидаги уй бузишлари ҳақида

Олий суд Бўстонлиқ туманидаги уй бузишлари ҳақида

Олий суд Бўстонлиқ туманида ўтказилган пресс-тур бўйича баёнот эълон қилди. Суд “…суд тизими фаолияти хусусидаги айрим нохолис ва асоссиз фикрларга ойдинлик киритишни лозим топди”, – дейилади унда.

«Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди эмас. Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг қатъий талабига кўра, иштирок этиш ҳақидаги таклифни (янаям аниқроғи, хабарни) қабул қилди. Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Шунга қарамай ҳуқуқий тушунтиришларни гўёки суд органи ижроия ҳокимиятига «адвокатлик қилиш» тариқасида талқин қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриш, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсизлик ва “оқ”ни “қора”  дейишдан бошқа нарса эмас», – дея қайд этилади баёнотда.

“Низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг  шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган. Суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг биронтаси одам яшаётган хонадон эмас, балки аксарияти қуриб биткизилмаган қурилмалар, битказилгани ҳам дала ҳовлиларни ташкил этади.

Бинолар қачон қурилганини аниқ билмоқчи бўлганлар низоли ер майдонинининг интернет тармоғининг “google maps” тизими орқали аниқлаши мумкин.

Олий суд томонидан ушбу баёнотни беришдан мақсад кимлар биландир матбуотда тортишиш, баҳс-мунозарага киришиш эмас, балки ҳақиқий ҳолатни кўрсатишдан иборатдир”, – дейилади хабарда.

Бундан олдин Anhor.uz учта мулкдорнинг уйини бузиш ва ер участкаларини давлат балансига ўтказиш ҳақида Олий суд қарори қабул қилингани тўғрисида ёзганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.