Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Андижонда ИИБ ходимларининг ҳаракатларини қоралади

Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Андижонда ИИБ ходимларининг ҳаракатларини қоралади

Андижондаги фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази бош прокурор Н.Т. Йўлдошевга ва ички ишлар вазири П.Р. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилган.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ички ишлар органлари ходимларининг Андижондаги қилмишларини қатъий қоралайди ва марказ томонидан мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган.

Бу қайғули ҳолат аввало навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотаму айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз,  30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А. Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилгани ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқлангани, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 11 июнь куни вафот этган.

Бош саҳифадаги фотосурат: Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ директори – Акмал Саидов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.