Пешку туман амалдорлари спорт мактаби тренерларини шанбаликка мажбурлагани учун огоҳлантириш олишди

Пешку туман амалдорлари спорт мактаби тренерларини шанбаликка мажбурлагани учун огоҳлантириш олишди

19 июнь куни Kun.uz ўз расмий сайти орқали Бухоро вилоятининг Пешку туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тренерларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги тўғрисида хабар эълон қилганди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги топшириғига асосан, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари бошчилигидаги масъул ходимлар мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Пешку туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етиб борган.

«Пандемия даврида икки ойдан ортиқ вақт давомида карантин талабларига риоя қилиш мақсадида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тўлиқ иш фаолиятини тўхтатган. Эндиликда спорт мактабида спорт секциялари фаолияти қайта тикланишига тайёргарлик кўриш мақсадида ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда мактаб жамоаси мактаб ҳудудларини ободонлаштириш учун ихтиёрий равишда шанбаликка таклиф этилган», -дея қайд этилади вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Масъуллар томонидан ҳолат ўрганилгач, ходимларга ўз фаолиятидан ортиқча вазифа берган Пешку туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи ҳамда туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги юзасидан қаттиқ огоҳлантириш берилди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.