Подольскда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 4-қаватдан тушиб кетган болани қутқариб қолишди

Подольскда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари  4-қаватдан тушиб кетган болани қутқариб қолишди

1-сонли уй-жой-таъмирлаш корхонаси ишчилари андижонлик Бекмурод Турдалиев ва Шербек Солиевлар Подольск шаҳрининг (Россия) қаҳрамонларига айланди. Улар 4-қават балконидан тушиб кетган 2 ёшли болани адёлга ушлаб олган ҳолда қутқариб қолди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” нашри ёзади.

Бола балкондан ошиб ўтиб, 20 дақиқа давомида балконнинг ташқи томонидаги чиқиққа оёғини қўйиб, қўллари билан осилиб турган. Кейин қўлларини қўйиб юбориб, пастга қулаган. Бу пайтда боланинг 21 ёшли онаси маст ҳолатда уйда ухлаб ётган.

«Йигитлар ўт-ўланларни ўришаётганди, кейин менга қўнғироқ қилиб, 4-қават балконининг чиқиб турган жойида бола осилиб турганини ва қичқираётганини айтишди. У қаттиқ бақириб йиғлаб, онасини чақирарди. Учинчи қаватдаги аёл бизга адёл олиб чиқиб берди. Биз пастда адёлни ёйиб яна 20 дақиқа кутиб турдик, бола бу пайтда осилиб турар ва йиғларди. Кейин чарчаб, қўлларини қўйиб юборди ва адёлнинг устига тушди. Биз адёлни беш кишиб бўлиб ушлаб турдик, шу уйда турадиган маҳаллий йигитлар ҳам ёрдам беришди» – дейди Бекмурод Турдалиев “МК”га.

Бекмуроднинг айтишича, у Подольскда 10 йилдан бери яшайди, шу вақт ичида округни ҳудудини ободонлаштириш бригадасида ишлаб келмоқда. У кўп фарзандли ота. Оиласи бироз вақт у билан Подольскда яшаган, аммо январь ойида яқинлари ватанига жўнаб кетиб, карантин туфайли ўша ерда қолиб кетган.

Қўшни уйда истиқомат қилувчи Еленанинг “МК”га айтишича, боланинг онаси Наталья Ш. 21 ёшда, бир ўзи яшайди, унинг яна бир ёшли иккинчи ўғли ҳам бор. Полиция юз берган воқеадан сўнг узоқ вақт унинг квартирасига киролмади, эшикни шошилинч хизматлар ёрдамида очишганида, кичкина фарзанд онаси билан бўлган. Аёлдан болаларни шу заҳоти олиб қўйишди ва воқеани текшириш даврига касалхонага ётқизишди.

«Шу йилнинг июнь ойидан бошлаб боланинг онаси вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлимда рўйхатда туради, ишламайди, болаларига яхши қарамайди, уй антисанитария ҳолатида. Энди унинг иккала ўғли ҳам касалхонада бўлиб туради. Ҳозир полиция уларнинг онасини текширмоқда. Гўдакларнинг кейинги тақдири текширув натижаларига ҳамда васийлик органларининг қарорига боғлиқ. Аёл болаларини хавфда қолдиргани ва ўз оналик бурчини бажармагани учун суд олдида жавоб бериши ҳам мумкин. Она нима юз берганини англаб етганидан сўнг, болаларини қайтаришни талаб қилмоқда», – дейди Москва вилояти Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Ксения Мишонова “МК”га.  
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.