Поликлиникалар, мактаблар ва боғчаларни юқори тезликдаги интернетга улаш топширилди

Поликлиникалар

2020-2021 йилларда Ўзбекистондаги барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар, болалар боғчалари, қишлоқ ва маҳаллалар юқори тезликдаги интернетга уланиши керак. Бу ҳақда мамлакат Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Таълим тизимининг барча босқичларида рақамли технологияларни кенг жорий этилади ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимларнинг даражасини ошириш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, “Беш ташаббус” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2022 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида рақамли билимларга ўқитиш марказлари очилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтириш, 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказиш, 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Вазирлик ҳузурида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази, Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази, Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси, Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилади.

Вазирлик идора ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг лойиҳалари ва техник ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказади. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги крипто-активлар ва блокчейн технологиясини жорий этиш бўйича ваколатлар сақлаб қолинади.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобрақам очилади.

Шунингдек август ойигача давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни фақат почта алоқа объектлари тармоғи орқали етказиб бериш тартиби белгиланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.