Президент экологик аудит тўғрисидаги қонунни имзолади

“Экологик аудит тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан ўн учинчи ялпи мажлисда маъқулланди, 15 март куни эса Ўзбекистон президенти томонидан имзоланди.  Хусусан, ҳужжатга кўра, экологик аудит кўнгилли ёки мажбурий равишда ўтказилади, деб ёзади “Норма” нашри.
 
Атроф-муҳитга таъсири паст ёки сезиларсиз (маҳаллий таъсир) бўлган экологик аудит субъектларининг фаолиятига нисбатан буюртмачининг ташаббуси билан экологик аудит кўнгилли тартибда ўтказилади.
 
Атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўртача бўлган экологик аудит субъектлари ҳар йили мажбурий экологик аудитдан ўтказилиши шарт.
 
Экологик аудиторлик ташкилотлари исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил қилиниши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин, акциядорлик жамияти бундан мустасно. Улар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил қилиниши мумкин. Мазкур ташкилот асосий иш жойи ҳисобланган экологик аудитор уларнинг раҳбари бўлиши мумкин.
 
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ҳамда қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар экологик аудиторлик ташкилотларининг таъсисчилари бўла олмайди.

Экологик аудиторга қуйидаги талаблар қўйилади:

  • Ўзбекистон фуқаролигининг мавжудлиги;
  • тегишли профилли олий маълумотнинг мавжудлиги;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ёки турдош соҳаларда камида кетма-кет 3 йиллик иш тажрибаси;
  • экологик аудитор малакавий сертификатининг мавжудлиги.

Экологик аудитор билдирилган фаолиятни фақат битта экологик аудиторлик ташкилотида амалга оширишга ҳақли. Экологик аудиторлик ташкилотлари ва экологик аудиторлар реестрлари Давлат Экология қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.