Президент коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида: «Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб ёзади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

«Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби – кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди”, – дейди президент.

Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, туну кун ишлайдиган “колл-марказ”лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан таъминлаш вазифаси қўйилди. 

«Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак», – дейди давлат раҳбари.

Апрель-июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ҳозирда 660 минг доза вакцина олиб келинган. Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича кўрсатма берилди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.