Президент Тошкент пропискаси учун айрим шартларни бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади

Президент Тошкент пропискаси учун айрим шартларни бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади

Тошкентдаги давлат ташкилотларида камида беш йил ишлаган бошқа вилоятлик фуқаролар Ўзбекистон пойтахтида доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлди, улар бу ҳуқуқдан ҳатто ишдан бўшаган тақдирда ҳам маҳрум қилинмайди. Фақат техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқарувчи хожимлар бундан мустасно. Аввал Тошкертда истиқомат қилган фуқаролар энди пойтахтга қайтиб, бу ерда бирор-бир чекловсиз пропискадан ўтиши мумкин. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонда ана шу ҳақда сўз боради, дея хабар беради “Фергана” нашри Адлия вазирлигига таянган ҳолда.

Фармонга кўра «доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчалари «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ҳамда «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига ўзгартирилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда, эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилмоқда.

1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш талаб этилмайди. .

Республиканинг бошқа ҳудудларида рўйхатда турган фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш амалиёти ҳам бекор қилинмоқда.

1 сентябрдан бошлаб пойтахтда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 15 кунга узайтирилади. Рўйхатдан ўтказиш ишлари бир кун ичида амалга оширилади. Бунда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги штамп паспортга, уй китобига ёки квартира картасига қўйилмайди. Шу билан бир қаторда, мамлакат фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар келгусида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «ягона дарча» тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилиши назарда тутилаётгани ортиқча оворагарчиликлар ва бюрократияга чек қўяди.

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланмоқда. 

Ўз навбатида, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши, илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун қайтиб келганида, улар ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олинади.

Шунингдек, фармон билан доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати фуқароларни тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.