Президент Ўзбекистонга пульсоксиметрлар олиб келишни топширди, «Дори-Дармон» компаниясига дорилар захирасини яратиш учун 30 млрд сўм ажратилади

Президент Ўзбекистонга пульсоксиметрлар олиб келишни топширди

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирларга бағишланган йиғилишни ўтказди. Биз йиғилишнинг асосий бандларини тўплашга ҳаракат қилдик.
 
Тўловлар: бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади.

Қўшимча ускуналар ва беморлар учун ўринлар: Коронавирусли беморлар учун ажратилган шифохоналарга қўшимча 285 дона ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлар билан таъминланди.

Бош вазирга пульсоксиметрларни мамлакатга тез етказиш бўйича чораларни кўриш топширилди. Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.

Ундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шахар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган “провизор” шифохоналарида 1 000 дан ортиқ кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланди.

Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Тез тиббий ёрдам: 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди, мурожаатларнинг асосий қисми келиб тушадиган вақт оралиғида (соат 18:00 дан 24:00 гача) энг тажрибали операторлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди. Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди.

Шунингдек, янги харид қилинаётган тез тиббий ёрдам автомобиллари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг турли соҳаларидан, биринчи навбатда, фаолияти тўхтатилиши оқибатида даромадсиз қолган йўловчи ташувчи жамоат транспорти уюшмаларининг малакали ҳайдовчилари жалб этилиши юзасидан вазифалар қўйилди.

Дори-дармон захираси: Беморларни даволаш учун зарур дори-дармон воситалари захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти хокиликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни “Дори-дармон” акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди.

Шифокорларга мукофотлар: Касаллик ўчоғида ўз жонини гаровга тикиб ҳар бир касални ўлим ёқасидан олиб чиқаётган шифокорларимизни давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.

Тестлар: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЗР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.

Харажатлар ва мониторинг: бугунги кунда республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилиши шарт. Бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас, дея қайд этади давлат раҳбари.

Барча сектор раҳбарлари иш кунини эрталабдан ўз ҳудудларида касалхоналардаги аҳволни ўрганиш билан бошлаши қатъиян белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.