Президентни омма олдида ҳақорат қилиш ва қонунчиликка риоя қилмасликка чақирганлик учун жавобгарлик жорий этилмоқда

Қонун ҳужжатларини омма олдида бажармасликка ёки бузишга чақирганлик жарима билан жазоланади. Ўзбекистон президенти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тузатишлар киритиш ҳақида тегишли қонунни имзолади. Ҳужжат 4 март куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва 12 март куни Сенат томонидан маъқулланди, деб ёзади “Газета”.

Ушбу кодекс 201-1 модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача (ҳозирги БҲМ миқдорига кўра 14 млн 700 минг сўмдан 19 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

30 март куни президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, президентни телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Олдинга тартибга кўра, президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, мазкур жиноятни матбуот ёки бошқа ОАВдан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган эди.

Шунингдек, кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик ҳам киритилди.

Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (24 млн 500 минг сўмдан 73 млн 500 минг сўмгача) жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача (73 млн 500 минг сўмдан 98 млн сўмгача) жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тузатишлар 31 мартдан кучга кирди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.