Қарши театрида 1,2 млрд сўмлик экран ва парда ўрнатилади

Қашқадарё вилоят мусиқий-драматик театрининг биноси капитал таъмирдан чиққанидан кейин унинг саҳнасига майдони 52 метр квадрат бўлган тўлиқ рангли диод чироқли экран ўрнатилади.  Унинг қиймати ўрнатилиш ҳақи билан бирга 829 млн сўмни ташкил қилади, саҳна учун парданинг нархи эса 378 млн сўмга баҳоланмоқда. Ушбу мақсадлар учун маблағ 2021 йил учун маҳаллий бюджетнинг захира фондидан ажратилмоқда. Бу ҳақда “Новости Кашкадарьи” нашри ёзади.

“Саҳна пардаси” ва “электрон монитор” харид қилишга маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор вилоят ҳокими томонидан шу йилнинг 23 мартида қабул қилинган эди. Тегишли ҳужжатда вилоят молия бош бошқармасига юқорида тилга олинган манбадан театрга 1 млрд 207 млн 400 минг сўм маблағ ўтказиб бериш ҳақидаги топшириғи бор.

Агар диод чироқли экранни харид қилиш ҳақидаги шартномада кўрсатилган техник параметрларга ишониладиган бўлса, у учта таркибий қисмдан иборат бўлади: катталиги 4 га 8 метрлик битта монитор ва ўлчами 2 га 5 метрлик иккита монитор. Экранлар видеопроцессорлар ва махсус дастурий таъминот ёрдамида амалга оширилади. Айрим экспертларнинг сўзларига кўра, бундай улкан дисплейлар анъанавий декорацияларни қисман алмаштириш ёки улардан қўшимча фон яратиш, визуал тасвирларни намойиш қилиш, актёрларни йирик планда кўрсатиш учун фойдаланиш мумкин. Бунда соҳанинг алоҳида мутахассислари саҳна экранлари асосан концерт фаолияти ва шоу-бизнес учун яхши, деган фикрда, ҳақиқий театр санъати эса “видеокўмакка” муҳтож эмас.

Театр ушбу техникани етказиб бериш ва унга техник хизмат кўрсатиш ишлари бўйича Қаршидаги Nomex Onlayn МЧЖ билан шартнома тузган. Ўз навбатида, асосий дарпардани, саҳна пардаларини ва бошқа воситаларни тикишга буюртмани Бухоронинг “Малика Султон Зардўз” оилавий корхонаси олган.

Nomex Onlayn компанияси 2019 йилда Қаршида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури – маиший техника ишлаб чиқариш. Устав жамғармаси – 30 млн сўм. Раҳбари – Узбеков Муҳаммад Шоматович, шунингдек у таъсисчи ҳам ҳисобланади (устав жамғармасининг 100%).


 
«Новости Кашкадарьи» нашрининг қайд этишича, 2018-2022 йилларда Давлат театрларининг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ Қашқадарё вилоят мусиқий-браматик театрини капитал таъмирлашга 2020 йилда 7 млрд 267 млн сўм сарфланиши кўзда тутилган. Ўтган йил июль ойида ушбу объект танловга қўйилганида унинг бошланғич (яъни чегаравий) қиймати 7 млрд 726,2 млн сўмни ташкил қилганди, капитал таъмирлаш ишларига эса 180 кун берилганди. Бироқ, афсуски, театрда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳозирга қадар давом этмоқда. Уни фойдаланишга топширгунга қадар яна қанча маблағ сарфланиши ҳозирча бизга номаълум.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.