Қаршида 47 та кўп йиллик дарахтлар кесилди, уларни кесишга шаҳар ҳокимининг ўринбосари рухсат берган

Қарши шаҳрининг экологиясига 253 млн сўмлик зарар етказилди, 47 та кўп йиллик дарахт кесилди.
 
12 апрель куни Лойиҳачилар кўчасидаги Хонтепа маҳалласида вилоят экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси ходимлари кўп йиллик дарахтлар кесилганлиги ҳолатини қайд этган. Экологларнинг аниқлашича, чинорлар, ўрик дарахтлари, шумтол ва бошқа дарахт турларини кесиш ишлари шу йил 25 январда Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари томонидан берилган рухсатнома асосида амалга оширилган.
 

Фотосурат: Давлат экология қўмитаси
 
«Ҳокимлик қандай қилиб рухсат бериши мумкин, ахир мамлакатда жорий йил охиригача дарахт кесишга мораторий амал қилмоқда. Нега шаҳар маъмурияти эколог-мутахассисларнинг хулосасини олмади?», – деб ёзади «Новости Кашкадарьи» нашри.
 
Нашрнинг эслатишича, тахминан 20 кун олдин Қаршидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида тун пайтида шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси ходимлари 14 та дарахтни кесганди.
 
Бу Қашқадарё вилоятида оммавий дарахт кесилиши бўйича биринчи ҳолат эмас, аввалроқ Қарши туманида завод қурилиши учун 71 та дарахт кесилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.