Қашқадарё вилоятида GTL заводининг ишчилари тартибсизлик уюштирди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё қилоятидаги GTL заводининг қурилишида ишлаётган Enter Engineering компаниясининг ишчилари тўда бўлиб йиғилиб деразаларга тош отаётгани ва хоналардан бирида тартибсизлик уюштираётгани акс этган видео тарқалди. шунингдек видеода тутун ҳам кўринмоқда. Бу ҳақда Газета.uz ёзади.
ENTER Engineering компанияси матбуот хизматининг хабар беришича, воқеа Ғузор туманидаги объектлардан бирида содир бўлган.
«Ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб, ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик туфайли содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган», — дейилади компания хабарида.
«Ҳозирда техник ходимлар гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда. Компания раҳбарияти тафсилотларини ўрганиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилоятига учиб боришган», — дея қайд этди компания матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда ишчилар ойликларининг ўз вақтида берилмаслигидан норози экани айтилмоқда. Компания эса объектда иш ҳақи беришда ҳеч қандай муаммо кузатилмаганлигини таъкидлади: «Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмоқда», дейди компания.
Бундан ташқари, ENTER Engineering компанияси ишчиларнинг меҳнат фаолияти учун барча зарур шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтди, дейилади хабарда.
Бош саҳифадаги фотосурат: bugunuz
Шарҳлар