Қатор мамлакатлар билан авиқатновни тўхтатиш ҳақидаги қарор 1 февралгача узайтирилди

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилган эди, дея қайд этади Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.
 
«Бугунги кунга қадар юқорида қайд этилган мамлакатларда эпидемиологик вазият мураккаблиги сақланиб колганлиги сабали 2021 йил 10 январига қадар киритилган чеклов муддати Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 1 февралига қадар узайтирилди», – дейилади хабарда.
 
Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида сўнгги 14 кун давомида бўлган шахслар юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланган.
 
Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши тартиби давом этирилади.
 
«Мазкур чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.