Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида аҳоли ўртасида жанжал юз берди

Маҳаллий аҳоли ўртасидаги низо 13 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган. Сай (Қирғизистон) ва Чашма (Ўзбекистон) қишловларининг аҳолиси низони мушт билан ҳал қилишга урингани айтилмоқда, деб ёзади Sputnik.

Икки тартиббузарни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва етиб келган қишлоқдошлари тезда ажратиб қўйган. Вазият маҳаллий вақт билан соат 15:00 га келиб тўлиқ барқарорлашган. Шу билан бирга, юз берган воқеа бўйича текширув ўтказилмоқда.

Turmush нашрининг аниқлик киритишича, воқеа жойига икки мамлакатнинг куч ишлатар тузилмалари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳам келган. Аҳоли билан тушунтириш ишлари ўтказилган. Сўх ва Боткен туманларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари юз берган воқеа бўйича текширув ўтказмоқда.

Боткен туман ҳокими Учқун Жоробековнинг маълум қилишича, Ўзбекистон қишлоғининг аҳолисига тегишли чорва моллари Қирғизистон ҳудудига ўтиб кетган. “Қирғизистон фуқаролари бўлган оила аъзолари – аёл ва унинг ўғли чорвани орқага ҳайдаши учун бу ҳақда Чашма қишлоғи аҳолисини хабардор қилган. Ўртада жанжал юз берган. Аммо у катта жанжалга айланмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси Сай қишлоғининг икки нафар фуқаросини урган, кейин қочиб кетган. Айни пайтда Айдаркен ва Сўх чегара отрядларининг бошлиқлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг раҳбарлари жойларда аҳоли билан тушунтириш ишларини ўтказмоқда”, – дейди ҳоким.

Қирғизистон ҳукуматининг ваколатли ваколатхонаси чегарадаги вазиятни барқарор сифатида баҳоламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.