Қозоғистон билан чегарада кўп йиллар давомида ишламаётган иккита ўтказиш пункти очилди

Қозоғистон билан чегарада кўп йиллар давомида ишламаётган иккита ўтказиш пункти очилди

Энди Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари соддалаштирилган тартибда — божхона ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, Мақтаарал тумани орқали тўхталишларсиз транзит билан чегарадан ўтиши мумкин. Фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.

11 июль куни М-39 йўлининг Тошкент ва Самарқанд орасида жойлашган Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани орқали ўтувчи бўлаги очилди, дея хабар беради Спутник нашри «Ахборот» теледастурига таянган ҳолда.

Йўлнинг очилиш маросими тантанали равишда ҳамда бир қатор олий мартабали раҳбарлар иштирокида бўлиб ўтди. Хусусан Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Қозоғистон томонидан Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазири ўринбосари Роман Скляр, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансеит Туймебаев, Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембаевлар иштирок этди.

Йўл орқали фақатгина енгил автомобилларнинг ўтишига рухсат берилади, юклар ва тижорий мақсадлардаги товарларни олиб ўтиш тақиқланади.

Ўзбекистон фуқароси божхона ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, Мақтаарал тумани орқали тўхталишларсиз транзит билан чегарадан ўтиши мумкин. Бунда давлат чегараларини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.

Божхона назорати соддалаштирилган тартибда амалга оширилади, ҳеч қандай божхона декларациялари тўлдирилмайди, транспорт воситаси рўйхатга олинмайди ва божхона кўригидан ўтказилмайди, бироқ мажбурий визуал кўрик олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Жиззах орасида М-39 йўлининг 25 километрли бўлаги Қозоғистон ҳудудидан ўтган. 2006 йилда йўлнинг ушбу бўлаги ёпилган эди. Ундан кейин Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Тошкентга етиб олиш учун Сирдарёнинг Гулистон вилояти орқали айланиб ўтишга мажбур бўлаётган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.