«Қўқон-Андижон-Қўқон» йўналиши бўйича электр поездлари янгиланди

«Қўқон-Андижон-Қўқон» йўналиши бўйича электр поездлари янгиланди

Қўқон темир йўл вокзалидан “Қўқон – Андижон – Қўқон” йўналишида замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, йўловчилар учун барча қулайликларга эга электричканинг шаҳарлараро қатнови йўлга қўйилди, дея хабар беради “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг матбуот хизмати.

«Вагонларда қишда иссиқ, ёзда салқин ҳарорат таъминланади. Йўловчилар вагондаги юмшоқ ўриндиқлардан жой олиб, ўрнатилган мониторларда манзилга етгунга қадар концерт дастурларини томоша қилиб, янгиликлардан ҳам хабардор бўлади», – дейилади хабарда.

Эрталаб соат 06:22 да Қўқон вокзалидан чиққан поезд соат 9:03 да Андижон вокзалига етиб келади. Масофанинг умумий узунлиги 136 километрни ташкил этиб, электричка бу йўлни 2 соат 45 дақиқада босиб ўтади. Андижондан шу поезд 10:10 да жўнаб Қўқон шаҳрига соат 12:57да қайтади. Соат 14:50 да поезд яна шу йўналиш бўйича орқага қайтиб Андижонга 17:55 да кириб боради. Бир кунлик сўнгги рейс 20:55 да Қўқон шаҳрига йўловчи поездининг кириб бориши билан якунланади. 

Электр поезди ўз йўлида 9 та вокзалда тўхтаб ўтади. Чипталар нархи Қўқондан Олтиариққа қадар – 3000 сўм, Қува ва Марғилонгача – 5000 сўм, Қўқондан Андижонгача эса – 7000 сўмни ташкил этади.

Ушбу йўналиш учун қатновга қўйилган электр поездлари тармоқ тасарруфидаги вагон деполарида қайта таъмирланиб, йўловчилар учун ҳам хавфсиз, ҳам қулай ва сифатли кўринишга келтирилди. Айни пайтда “Тошкент – Хўжакент –Тошкент” ҳамда “Тошкент – Гулистон – Тошкент” йўналишида ҳаракатланадиган электр поездлари ҳам сифатли таъмирлаш жараёнидан ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.