Қўқонда аёллар бозор йиғими ошганига қарши норозилик билдириб йўлни тўсиб қўйди

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳри ҳудудидаги Янги бозорда, бозор шартнома нархларидан норози аёллар йўлни тўсгани билан боғлиқ видеохабарлар тарқалди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Аёллар Қўқон шаҳридаги саноат бозорларида ижара шартномаси нархи ошганлигидан норози бўлиб ушбу қарорга келган.

Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов воқеа жойида бўлиб, Қўқон савдо комплекси ҳудудида савдо қилувчи тадбиркорлар  ҳамда йўл тўсган аёллар билан учрашган.

Таъкидланишича, вилоят молия бош бошқармаси ва давлат солиқ бошқармасининг қўшма таклифини инобатга олган ҳолда 2021 йил 1 апрелдан Фарғона вилоятидаги бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларининг янги ставкаси тасдиқланган.

Янги ставкалар (бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати) бозорлар ва савдо комплексларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлган.

Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу эътирозларни ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижасига кўра, бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини ошириш бўйича вилоят молия бош бошқармаси ва давлат солиқ бошқармаси томонидан киритилган қўшма таклифнинг асослантирилмаганлиги, йиғимлар, ижара тўловлари ва хизматлар миқдорлари учун белгиланган янги ставкалар тадбиркорлар учун мақбул эмаслиги ва бу тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганлиги маълум бўлди. 

2021 йил 1 апрелда тасдиқланган бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритиш, уларни кескин пасайтириш бўйича тегишли қарор қабул қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.