Риштонда бозорда картошка йўқлиги ҳақида ёлғон хабар тарқатган фуқаро 15 суткага қамалди

Риштонда бозорда картошка йўқлиги ҳақида ёлғон хабар тарқатган фуқаро 15 суткага қамалди

Фарғона вилоятидаги бозорлардан картошка топиб бўлмаётгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахс 15 суткага қамалди, дея хабар беради “Дарё” мухбири Азизжон Эрматов.

5 апрель куни Фарғонанинг Риштон туманида яшовчи А.С. бозордаги айрим бўш расталарни тасвирга олиб, картошка топиб бўлмаётгани ҳақида видеолавҳа тайёрлаган ва уни Инстаграмда эълон қилган.

Риштон тумани “Марказий деҳқон бозори” компаниясидан маълум қилишларича, 4 апрель куни бозорга 15 тонна картошка олиб келинган ва 4 минг сўмдан сотилган.

Шу сабабдан бозор маъмурияти ёлғон маълумот тарқатган фуқарога қонуний чора кўрилишини сўраб ИИБга мурожаат қилган. Иш 8 апрель куни Бағдод туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган.

Суд қарорига асосан фуқаро А.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат) ва 183-моддаси (майда безорилик) билан айбланиб, 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.