“Россельхознадзор” Фарғонадаги еттита корхонадан Россияга помидор ва қалампир олиб киришга рухсат берди

«Россельхознадзор» 18 декабрдан бошлаб Фарғона вилоятининг еттита корхонасидан Россияга помидор ва қалампир олиб киришга рухсат берди. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри мазкур идоранинг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

Ушбу корхоналар маҳсулотларида 2020 йилда карантин объектлари ҳамда помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси аниқланмагани қайд этилади.

«Ушбу қарорга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекцияси томонидан тақдим этилган республиканинг кўрсатилган ҳудудида иссиқхона хўжаликларининг ишлаб чиқариш жойлари ва уларнинг ҳолатини таҳлил қилиш натижалари ҳақидаги ахборот асосида келинди», — дейилади хабарда.

Помидорларни қуйидаги корхоналардан олиб киришга рухсат этилди:

·         «Golden Tree» МЧЖ (Қўштепа тумани);
·         «Фарход Ранчо» ФХ (Қувасой ш.);
·         «Фарғона Зиё қурувчи» МЧЖ (Қувасой ш.).

Қалампирларни қуйидаги корхоналардан олиб киришга рухсат этилди:

·         «Янги тўлқин» ФХ (Олтиариқ тумани);
·         «Жилокор Замини» МЧЖ (Данғара тумани);
·         «Саодатли Дил Фаровон» МЧЖ (Данғара тумани);
·         «Йўлдошев Элдор» МЧЖ (Бешариқ тумани).

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.