Россия Ўзбекистонга Лукашенко танқид қилган тестларни тақдим этди

Россия Ўзбекистонга Лукашенко танқид қилган тестларни тақдим этди

17 апрель куни Россия Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси ташҳисини қўйиш учун тест тизимларини беғаразлик асосида тақдим этгани маълум бўлди.
Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарованинг сўзларига кўра, Россиянинг “Вектор” илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган тест-тизимлар Ўзбекистонга инфекция тарқалишига қарши курашишда кўмаклашиш учун тақдим этилган. Захарова Беларусь билан ҳам ўзаро муносабатлар олиб борилаётганига аниқлик киритди – “Росатом” давлат корпорацияси Гродно областининг Островецкий районидаги касалхоналарга тест-тизимларни тақдим этган.

Бундан олдин Беларусь президенти Александр Лукашенко  “Вектор” илмий марказининг тест-тизимлари бор-йўғи 30% аниқ натижа беришини билдирганди, дея қайд этади  «Настоящее время» телеканали.

18 апрель куни “Роспотребнадзор” Лукашенконинг танқидига жавоб изоҳини берди. Амалдорларнинг фикрича, Минскка тақдим этилган тестлар кўплаб параметрлари бўйича хорижий аналогларидан устун туради. “Роспотребнадзор” Россия тестлари ҳатто аломатсиз кечаётган ташувчиларни ҳам аниқлашга қодирлигини таъкидлайди. “Россия тестларининг юқори самарадорлиги февраль ойи бошида Хитойда ўтказилган солиштирма синовларда ҳам тасдиқланган”, – дейишмоқда ушбу ташкилот вакиллари.

«Лукашенкога мен мана буни маслаҳат берардим: ҳозир баҳор, буғдой экиш керак. У далага бориб, колхозчиларга буғдойни қандай экиш кераклигини ўргатсин, у бунинг устаси. Бу эса – унинг мавзуси эмас», – дейди собиқ бош санитар врач, Давлат думасининг депутати Геннадий Онишченко.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.