Ростовда уч мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси палаткали лагерда яшамоқда

Ростовда уч мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси палаткали лагерда яшамоқда

Ростов-на-Дону шаҳридаги Первомайская темир йўл станцияси яқинида уч мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси ватанига кетадиган поездни кутиб палаткали лагерь ташкил қилган. Бу ҳақда маҳаллий 161.ru портали хабар беради.

Журналистларнинг қайд этишича, Россиянинг турли ҳудудларида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари Ростовга тўпланган, чунки бу ердан Ўзбекистонга поезд юради. Оилалардан бири 161.ru нашрига поездни 18 кундан буён кутишаётганини айтган.

Ростов маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Юрий Овчинников шаҳар фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар хизмати палаткалар тақдим этилишини ҳамда шифокорлар ва ўт ўчирувчиларнинг навбатчилигини ташкил қилинишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳокимият ҳаммани палаткали жой ва сув билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда: “Агар кучимиз етмаса, ҳарбийлардан ёрдам сўраймиз”, – дейди у.

Амалдорнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга кейинги поезд қачон бўлиши ҳақида тушунчага эга эмас. “Мен бугун консул билан гаплашдим. У ҳам ҳеч нима айта олмади. Одамларни олиб чиқувчи томон – бу Ўзбекистон. Яъни биз бу вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмаймиз, аммо одамлар билан шуғулланиш керак. Ахир улар тирик одамлар, болалар ва аёллар ҳам кўп ”, — дейди Овчинников.

Қайд этиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Первомайская станциясидан поездда Ўзбекистонга 940 нафар киши жўнаб кетиши керак эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.