Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизимида 7 млрд сўмлик талон-тарожлик бўйича жиноят ишлари қўзғатилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизимида 7 млрд сўм бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар беради, деб ёзади Samcity нашри.
 
Молия вазирлигининг Давлат молия назорати департаменти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унга қарашли муассасаларда текшириш ишларини ўтказди.
 
Текширув жараёнида дори воситаларини харид қилишга ажратилган 9,256 млрд сўм ўрнига дорилар 14,902 млрд сўмга оширилган нархда, яъни 5,64 млрд сўмга кўп харид қилинган. Шунингдек 4,999 млрд сўмлик тендер савдолари ва 186,1 млн сўмлик электрон харидлар қонунбузарликлар билан ташкил қилинган.
 
Бундан ташқари, 2020 йилнинг 9 ойи ичида вилоят тиббий муассасалари томонидан 1,384 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, молиявий хатоликлар ва камчиликларга йўл қўйилган. Масалан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази 48 та ходимга 124,5 млн сўм кўп пул тўлаган.

«Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган бюджет маблағларининг ноқонуний сарфи 7 млрд сўмни ташкил қилди», – дейилади хабарда.
Ушбу қонунбузарликлар бўйича материаллар Бош прокуратурага юборилган ва жиноят ишлари қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.