Самарқанд вилоятида ҳатто президент топшириғидан кейин ҳам икки йилдан бери автомобиль кўприги тикланмаяпти
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий бошқарув органларига бир қатор топшириқлар берилганди. Ана шу топшириқлардан бир нечтаси ҳали ҳам тўлиқ бажарилмаган, деб ёзади Kun.uz нашри.
Хусусан, мазкур ташриф доирасида ўтказилган йиғилиш баёнининг 25-қисмида қуйидаги банд бор: «Оқдарё ва Пайариқ туманларини боғловчи Човка қишлоғидаги «Оқдарё» дарёси устидан ўтувчи сел оқибатида авария ҳолатига келиб қолган кўприкни қайта тиклаш».
Топшириқда кўприкни айнан қайта тиклаш кўзда тутилган. Сабаби шундаки, 2008 йилда кўприкни сел ювиб кетгач, Оқдарё тумани маркази ва қатор қишлоқлари аҳолиси Пайариқ туманига ўтиш учун 40 километр ортиқча йўл босишига тўғри келмоқда. Ҳолбуки, биттагина кўприк узоқ йиллар давомида қўшни туманга ўтиб қайтиш имконини берган. 9 йилки, аҳоли учун ноқулайлик, ҳар қандай транспорт учун ортиқча ёнилғи ва ортиқча сарсонгарчилик, – дейилади хабарда.
Фотосурат: Kun.uz
Оқдарёликларнинг неча йиллар давомида қилган мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари ҳар ҳолда тегишли идораларга етиб бориб, давлат раҳбарининг тегишли топшириғи берилганини айтдик. Шундан сўнг мазкур кўприк ёнгинасида пиёдалар учун осма кўприк қуриб берилган, аммо топшириқда айтилган кўприкни қайта тиклаш амалга ошмай қолиб кетган. Ҳудуд аҳолиси эса дарё устидан айнан транспорт қатнови тикланишини истайди.
«Биз бу кўприкни маҳаллий бюджет ҳисобидан қилиб беролмаймиз. Чунки анча маблағ, 4-5 миллиард сўм керак бўлади. Қолаверса, кўприк на туман ҳокимлиги балансида, на ободонлаштириш балансида ва на «автойўл» балансида, ҳеч қайсининг балансида турмайди. Аммо аҳолининг мурожаатларини эътиборга олиб, давлат дастурига киритиш учун ҳар йили республикага таклиф берамиз. Муаммоли масалалар сифатида Иқтисодиёт вазирлигига юборамиз, лекин маблағ ажратилмаяпти-да…», дейди туман ҳокими ўринбосари Бобомурод Уралов.
Шарҳлар