Самарқанд вилоятида тажриба сифатида “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилади

Президент “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади, дея хабар беради Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” телеграм-канали.
 
Қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб тажриба тариқасида Самарқанд вилояти туман (шаҳар) ҳокимликларида “маҳаллабай” ишлаш тизими ўтказилади.

Ҳужжатда аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва ҳал этишда шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини камайтириш мақсадида Марказ ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини ўзаро боғлиқ ҳолда рақамлаштиришни назарда тутувчи “Онлайн маҳалла” дастурий таъминоти ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
 
Бунда:
 
– Маҳаллабай ишлаш марказлари давлат муассасаси шаклида ташкил этилади;
– туман (шаҳар)лардаги ҳар учта маҳаллага биттадан маҳаллабай ишлаш инспекторлари бириктирилади;
– маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.
 
Марказлар фаолияти Пастдарғом, Ургут ва Булунғур туманларида жорий йил 1 июндан ҳамда вилоятнинг қолган туман (шаҳар)ларида 1 августгача ташкил этилади.
 
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан мазкур экспериментни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.