Kun.uz нашри Самарқандда Россияга самолёт чипталарини меҳнат мигрантларига сезиларли даражада қимматга сотилаётганини ўрганаётган мухбирга ўлдириш билан таҳдид қилингани ҳақида хабар беради, деб ёзади “Газета” нашри.

Нашрнинг маълум қилишича, Россиядаги «Пик Индустрия», «Технострой» каби қурилиш ташкилотлари орқали Россияга ишлашга борган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига авиачипталар 4,5 млн сўмдан сотилган. Ваҳоланки, авиачипталар бозордаги нархи бир томонга 2,5 млн сўм бўлган.

Чипталарни Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 47-уйда жойлашган, «Пик Индустрия», «Технострой» каби ташкилотларнинг шартнома асосида Ўзбекистондаги ишончли вакили ҳисобланган «Панорама болалар уйи» МЧЖ сотган.

Kun.uz журналисти Анвар Мустафоқулов 19 март куни мавжуд маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида айрим саволлар билан фирма идорасига борган. Мухбирнинг айтишича, дастлаб, ундан телефонни ўчириб туришни, вазият бўйича гаплашиб олишларини билдиришган, сўнгра турли ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлаб, ўлдириш билан таҳдид қилишган ва куч ишлатишга уринишлар бўлган. Вазият жиддийлиги ойдинлашгач, мухбир у ердан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Журналист вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳозирда ариза юзасидан, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Панорама болалар уйи» компанияси ҳақида:

Юридик шахслар реестрининг маълумотларига кўра, компаниянинг асосий фаолият тури – меҳмонхона хўжалиги. Устав фонди – 559 млн сўм. Таъсисчилар – Фаттоев Абдураҳмон Негматович (48%), Фаттоева Гулчеҳра Абдураҳмоновна (17%), Фаттоев Абдулазиз Абдураҳмонович (13%), Panorama Grand QK (20%).