Самарқандда ШҲТ саммитига тайёргарлик жараёнида талон-тарожликлар аниқланган: бешта жиноий иш қўзғатилди
Самарқандда 2022 йилда ўтказилиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) саммитига тайёргарлик ишларида жами 7,4 млрд сўм пул талон-торож қилингани ва нотўғри сарфлангани аниқланди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Бош прокуратура бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Беҳзод Исмоиловга таянган ҳолда хабар беради.
Бош прокуратура томонидан Самарқанд шаҳрида навбатдаги саммитни ўтказишга тайёргарлик борасида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари ўрганилганда бир қатор қонунбузарчиликлар қайд этилгани аниқланди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги 783-қарорига асосан тузилган рўйхатдаги автомобиль йўлларига оид 4 та, ичимлик ва оқова сув тармоқларига оид 8 та объект қурилиши ноқонуний равишда, яъни пудратчиларни тендер орқали аниқламасдан, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш билан биргаликда олиб борилган.
Бундан ташқари, вилоятдаги объектлар қурилишида маблағдан тўғри фойдаланилиши устидан молиявий назорат ҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши устидан техник назорат тўғри ташкил этилмаган. Бу эса ажратилаётган пулларнинг талон-торож қилиниши, ишларнинг сифатсиз бажарилишига сабаб бўлаётгани маълум қилинди. Хабарда таъкидланишича, ҳозир аниқланган ҳолатлар юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
Мисол тариқасида Бош прокуратура қуйидаги қонунбузарчилик ҳолатларини келтирди.
Самарқанд шаҳар Афросиёб кўчасининг 1,9 километрлик қисмида «F.G.» МЧЖ ичимлик ва оқова сув тармоқларини ўрнатган, «С.Й.» УК кўчанинг айни шу қисмига асфальт ётқизган. Бироқ 2020 йилнинг апрель ойига келиб йўлда кўплаб нотекисликлар ҳосил бўлиб, ётқизилган асфальт яроқсиз аҳволга тушиб қолган.
Сув тармоқларини тортиш ҳамда асфальт ётқизишнинг қонунийлиги ўрганилганда, пудратчилар тендер ўтказмасдан танлангани, қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел равишда, экспертизадан ўтказилмасдан туриб олиб борилгани аниқланди. Шунингдек, оқова сув тармоғини тортишда қурилиш меъёрлари қўпол равишда бузилган. Жумладан, 85 млн сўм пул қўшиб ёзиш орқали талон-торож қилинган.
«Қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилди», — дейилади хабарда.
Шарҳлар