“Сарсон бўлиб кетдим ва ичиб олиб шу ишни қилдим”. Светофорга чиқиб олган фуқаро воқеа сабаблари ҳақида айтиб берди

"Сарсон бўлиб кетдим ва ичиб олиб шу ишни қилдим". Светофорга чиқиб олган фуқаро воқеа сабаблари ҳақида айтиб берди

Андижонда маст ҳолда светофор ўрнатилган темир тўсинга чиқиб олиб, томоша кўрсатган фуқаро 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди. Унинг сўзларига кўра, фуқаро ҳокимлик ва суд ўртасида сарсон бўлгани сабаб шундай йўл тутишга мажбур бўлган, – дейилади MY5 телеканалининг “Ҳудуд” дастури тақдим этган лавҳада.

«Ҳокимиятга борсак, судга бор деди. Судга келсак, вилоят ҳокимлигига бор деди. Ўртада сарсон қилиб юборди. Бизнинг ота-онамиз йўқ, шароитимиз оғир. Меҳрибонлик уйида катта бўлганмиз. Иложим қолмагани сабаб шу ишни қилдим», — дейди фуқаро.

Эслатиб ўтамиз, фуқаро Андижон шаҳридаги «Саноат» МФЙда жойлашган яшаш хонадонининг 15 кун аввал ҳокимлик вакиллари келиб бузилиши ҳақида айтганидан сўнг шундай йўл тутишга қарор қилган. Ҳуқубузар ИИБ, Миллий гвардия ва ФВВ ходимлари ёрдами билан махсус тўрга сакраб тушган ва жиддий жароҳат олмаган. Текширув чоғида унинг спиртли ичимлик ичгани маълум бўлган. 

Маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларининг таъкидлашича, мазкур ишини ўрганишганда у ноқонуний уйда яшаши, доимий яшаш жой эса Хўжаобод туманида эканлиги маълум бўлган ва у ҳокимликка ариза билан мурожаат қилмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.