Саудия компанияси Қорақалпоғистонда қуввати 1500 МВт бўлган шамол паркини қуради

3 май куни “ACWA Power”, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида шамол энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

«Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистонда 1500 МВт қувватга эга шамол энергетикасини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишдан иборат бўлиб, у фойдаланишга топширилгандан сўнг Марказий Осиё минтақаси ва дунёдаги энг йирик шамол электр станциясига айланади», – дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаевнинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергиянинг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариш режалаштирилган.
 
Лойиҳа тахминан 4 миллион хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириши ва йилига тахминан 2,5 миллион тонна карбонат ангидрид газини қоплаши кутилмоқда. Бу Ҳукуматнинг ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун ўн йил ичида қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириш мақсадларига бевосита ҳисса қўшади.

“АCWА Power” компанияси шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида йил бошида тузилган умумий ишлаб чиқариш қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол энергетикаси лойиҳасининг инвестори ҳисобланади. Бу борада электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартномалар (PPA) ва инвестиция шартномалари имзоланди. Бундан ташқари, Саудия компанияси Сирдарёда юқори самарадорликка эга бўлган, умумий қуввати 1500 МВт га тенг бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Фотосурат: Энергетика вазирлиги

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.