Сенат: Uzbekistan Airways компаниясининг нархлари чет эл авиакомпаниялариникига қараганда 36-148% қиммат

Олий Мажлис Сенатининг сўровига кўра Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Uzbekistan Airways» чипталарининг нархи нега қимматлиги сабабларини ўрганиб чиқди, деб ёзади “Газета” нашри.

Ўрганиш ишлари авиакассаларда «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан маҳаллий ва халқаро йўналишларда мавжуд барча тарифлар ҳақидаги маълумотлар истеъмолчиларга тўлиқ етказилмаганини кўрсатган.

“«Uzbekistan airways» Тошкент-Москва бир томонлама йўналишда чипталар «багажсиз эконом» синфида 131 евродан 211 еврогача, «эконом» синфида 145 евродан 335 еврогача, «бизнес» синфида 642 евродан 862 еврогача этиб белгилаган бўлсада, авиакомпания арзон нархлардаги авиачипталарни сотувга чиқармаган”, – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўрганишлар давомида «Uzbekistan Airways» томонидан маҳаллий йўналишлар учун белгиланган нархлар бошқа давлатлардаги нархлардан қимматлиги, хусусан, авиакомпания белгилаган нархлар хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлиги маълум бўлган.

Хусусан, Тошкент-Урганч (учиш вақти 1 соат 15 дақиқа) йўналиш бўйича «багажсиз эконом» синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган. Худди шу хизмат Россияда (Санкт-Петербург-Москва — йўналиши 1 соат 30 дақиқа) ўртача 27 еврони ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат.
 
«Uzbekistan Airways» АЖнинг ушбу йўналиш бўйича «Эконом» синфидаги авиачипта нархи Қозоғистондаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди, – дея хабар беради юқори палата.

Туркия давлатидаги ички йўналишлари бўйича «эконом» синфидаги тарифлар Ўзбекистонда қўлланилаётган ички «багажсиз эконом» тарифларидан ўртача 42 фоизга арзон эканлиги аниқланди.

«Бу каби авиаташиш хизматлари бозорида қиммат нархларни ушлаб туриш сабабларидан бири рақобат муҳити ривожланмаганлиги дейиш мумкин. Чунки, авиакомпаниялар сони қанчалик кам бўлса истеъмолчиларга билдириладиган таклифлар кўлами камайиб, истеъмолчиларда авиачипталарга бўлган талаб (эҳтиёж) ортади. Табиийки бунинг натижасида эркин рақобат муҳити бузилишига олиб келади. Бу эса бозор иқтисодиётидаги талаб ва таклиф қонуниятини бузади».

Мисол тариқасида ҳафтасига 7 марта мунтазам рейслар мавжуд  бўлган“Тошкент-Олмаота” рейслари келтирилади, уларни фақат иккита компания – Uzbekistan Airways ва Air Astana амалга оширади.
 
“Тошкент — Москва” йўналишида ҳам 2 та — «Uzbekistan Airways» ва «Аэрофлот» авиакомпаниялари тўғридан — тўғри парвозларни амалга оширади.

«Ушбу йўналишларда рақобатнинг ривожланмаганлиги авиаташувчи компаниялар ўртасида келишиб қилинадиган ҳаракатларни содир этишга замин яратади», — дейилади хабарда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси юқоридаги муаммоларни бартараф этиш ва келгусида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлигига бир қатор таклифлар юборган. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан ушбу таклифларнинг ижроси назоратга олингани айтилмоқда. 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.