Сенат ва Тошкент шаҳар ИИББ болалар уйлари собиқ тарбияланувчиларининг калтакланиши билан боғлиқ воқеани назорат остига олди

Шу кунларда Интернет ижтимоий тармоқларида “Бу жой Ўзбекистондаги дўзах, ҳеч ким чиқолмаган!” сарлавҳа остидаги мақола кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Сенат ушбу ҳолат бўйича расмий изоҳ берди.

"Самарқанд вилоятидаги 6, 10-сонли ҳамда Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари учун давлат томонидан бепул равишда уй-жой ажратилган, бироқ, тарбияланувчилар мутассадди ташкилотлар томонидан ушбу уй-жойлар уларга кредит асосида берилгани тўғрисида огоҳлантирмаган ва бунинг оқибатида улар мазкур турар-жойлардан ҳайдаб чиқарилган", — дейилади хабарда.

Тарбияланувчилар ушбу масалага ечим излаб Тошкент шаҳрига келишган. Улар Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилишини кутиб, ер ости кутиш жойида ухлашган. Бироқ ички ишлар ходими томонидан уларга нисбатан ўринсиз ҳаракатлар амалга оширилган.
 
Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенатининг ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси ушбу ҳолат назорат остига олинган.
 
Аввалроқ юз берган воқеага Тошкент шаҳар ИИББ изоҳ берганди. Ушбу идора тарқатган хабарга кўра, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича хизмат тергови ўтказилмоқда, унинг натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.