Сенаторлар учта қонунни маъқуллади

12 март куни Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар учта қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар беради.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун (янги таҳрирда)

Сенаторлар харидлар аксарият қисмининг очиқлик ва шаффофликни таъминловчи ахборот- коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилишини, харид қилиш тартибини назорат қилиш тизимининг бугунги талабга жавоб бермаслигини ҳамда давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйишнинг кўпайиши каби камчиликлар учраётганлигини таъкидлади.

Биргина 2019 йилда 729 та ҳолатда 2 908,1 млрд. сўмлик шартномаларнинг буюртмачилар томонидан берилган буюртмалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан битимлар тузилишига йўл қўйилган.

«Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун (янги таҳрирда)

Мажлисда деҳқон хўжалиги соҳасидаги муносабатлар 1998 йил 30 апрель куни қабул қилинган амалдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солиб келинаётгани қайд этилди. “Бироқ ушбу Қонун ҳозирги замон воқелигига ва норма ижодкорлиги амалиётига мос келмайди”, – дейилади хабарда.

Янги таҳрирдаги қонун билан қуйидагилар белгиланмоқда:
 
– деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмайди;
– низо мавжуд бўлган тақдирда деҳқон хўжалиги ерларини олиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади;
– деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

«Қонуннинг мақсади этиб веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўравонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборотни тарқатишларига қарши ва уларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормаларини киритиш белгиланган», – дейилади юқори палата хабарида.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши “оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват этиш, фуқароларни қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ёки уларни бузишга омма олдида, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали даъват қилиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатишни бартараф этиш ва унинг олдини олишга хизмат қилади”
 
Фотосурат: Сенат матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.