Сенаторлар жамоат жойларида пичоқ олиб юришни тақиқлайдиган қонун ҳужжатларига тузатишларни маъқуллади

Сенаторлар жамоат жойларида пичоқ олиб юришни тақиқлайдиган қонун ҳужжатларига тузатишларни маъқуллади

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади.
 
Хусусан, 1852-модданинг биринчи қисмида фуқаролар томонидан жамоат жойларида, касбий фаолиятда, ёки спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.
 
Ушбу модданинг иккинчи қисмида касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.
 
Бундан ташқари, “Қурол тўғрисида”ги Қонуннинг 3 ва  9-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлар деганда жисмоний куч ишлатиш натижасида одамнинг соғлиги ва ҳаётига зарар етказиши ёки ўлимига олиб келиши мумкин бўлган хўжалик-маиший ва касбий мақсадларда, ишлаб чиқариш саноати ҳамда спорт фаолиятида фойдаланиладиган тиғли, кесувчан ва бошқа ашёлар, пичоқлар ва бошқа тиғли ашёлар, бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар – чиллакларни назарда тутувчи тушунча киритилмоқда.
 
Шунингдек, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, шу жумладан, шаҳар транспортида, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда, жамоат жойларида, очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юришни тақиқловчи норма киритилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.