Шаҳрисабз туманида мактаб директори ўқувчини дўппослаганини рад этмоқда

Май ойи бошида TikTok тармоғида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги 38-сонли мактаб директори Акмал Раҳмонов ва унинг ўринбосари Мақсуд Мейлиев қўшиқ айтиб, турли қилиқ қилаётган карикатурали видеороликлар тарқалган эди. “Новости Кашкадарьи” нашрининг аниқланишича, видеони 11-синф ўқувчиси Элёр Абдураупов яратган.

Мактаб ўқувчиси онаси билан “Озодлик” радиосига берган интервьюсида директор ва директор ўринбосари бунинг учун уни мактаб биносида дўппослаб ундан ўч олишганини айтади. 

«1 май куни директорнинг кабинетида мени аввал унинг ўринбосари урди, у юзимга урди, мен полга йиқилдим. Унга қаршилик қилишга уринганимда директорнинг ўзи мени ёқамдан олиб икки марта қорнимга урди, кейин юзимга урди. Юзимга тушган мушк унчалик кучли бўлмади, аммо мен қорнимга уришганидан кейин оғриқни ҳис қилдим. Бу пайтда директорнинг кабинетида бир нечта ўқитувчи ўтирганди», -дея иқтибос келтиради “Озодлик” радиоси Элёр Абдурауповнинг сўзларидан.

«Новости Кашкадарьи» мухбирлари билан суҳбатда 38-сонли мактаб директори Акмал Раҳмонов юз берган воқеанинг ўз версиясини гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, Раҳмонов ўқувчининг онасини чақирган, кабинетда 6 киши бўлган , шу жумладан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспектор Жамшид Садиев, директор ўринбосарлари, мактаб ёшлар ташкилотининг етакчиси ҳам. Мактаб директорининг қайд этишича, у калтаклашни мақбул кўрмайди.

«11-синф ўқувчисининг онаси иштирокида мактаб вакиллари ва инспектор ўқувчининг телефонини кўриб чиқишди, унда порнографик мазмундаги бир нечта видеофильм ва фотосуратларни ҳамда синфдошларининг ўзгартирилган портретларини топишди, улар қурбақалар кўринишида тасвирланган эди. Ўсмирнинг телефони профилактика инспекторига ўқувчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш илтимоси билан берилди», – дея қайд этади «Новости Кашкадарьи».

1 май куни 17 ёшли Абдураупов Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмасининг Чоршанба шошилинч тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилган. Ўсмирни навбатчи шифокор Аҳад Абдураҳмонов кўрикдан ўтказган.

«Соат тахминан 20:00 да бўлимга аёл киши ўғли билан мурожаат қилди. Йигит қорнидаги оғриқдан шикоят қиларди. Уни кўрикдан ўтказиб, ҳеч қандай тан жароҳатини топмадим, – дейди шифокор А.Абдурахмонов. – Таҳлиллар ҳам ҳеч нимани кўрсатмади. Бироқ йигитнинг онаси уни касалхонага ётқизишни қатъий сўрарди».

1 май куни мактаб директори унинг обрўсини тўкувчи видеони яратган ва уни ижтимоий тармоқларда жойлаштирган 11-синф ўқувчисининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза ёзган. Педагоглар ўқувчининг қариндошларини туҳмат учун жавобгарликка тортиш ниятида.

Аввал Шаҳрисабз туманида 11-синф ўқувчи калтаклангани ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши ҳақида тарқатилган ахборот тасдиқланмади. 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.