Шавкат Мирзиёев чет эл кредитлари ҳисобидан қиймати 30 млн долларлик дата-марказ қуришни топширди

Шавкат Мирзиёев чет эл кредитлари ҳисобидан қиймати 30 млн долларлик дата-марказ қуришни топширди

Ўзбекистон президенти 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда бугунги кунда мавжуд серверлар тўлиб бораётгани, соҳадаги 300 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш учун 10 баравар кўп қувватли серверлар зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Президент ахборотларни қайта ишлайдиган марказларни кўпайтиришни, хорижий кредитлар жалб этиб, лойиҳа қиймати 30 миллион долларлик “дата центр” қуришни топширди.

Йиғилишда давлат идораларида мавжуд 700 дан ортиқ ахборот тизимларининг атиги 30 фоизи “Электрон ҳукумат” тизимига уланганлиги қайд этилди. авлат хизмати кўрсатувчи 80 та идоранинг атиги 27 таси Давлат хизматлари агентлигига интеграция қилинган.
­
Президент вазирлик ва идораларда ахборот технологияларини қўллаш даражасига қараб ундаги раҳбарларнинг ойлик мукофот пулини ошириш ёки камайтириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек Тошкент шаҳрида электрон тиббиёт картаси, электрон шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимларини жорий этиш, ижтимоий нафақалар ҳисобини юритишга мўлжалланган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”ни жорий йил якунига қадар ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Транспорт вазирлигига темир йўлларда юк ташиш ҳамда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти хизматлари тўлови учун автоматлашган тизимларни ишга тушириш, барча транспортларга ягона электрон билет жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди.  

«Жорий йилда оптик толали алоқа қамровини мактабгача таълим тизимида 41 фоиздан 100 фоизга, халқ таълимида 40 фоиздан 70 фоизга, соғлиқни сақлаш соҳасида 38 фоиздан 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бу орқали кўплаб қишлоқларга интернет тармоғи етиб боради. Шу боис Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, тезкор мобил интернет қамровини йил якунигача 90 фоизга етказиш вазифаси қўйилди», – дея қайд этилади матбуот хизматининг хабарида

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.