Шавкат Мирзиёев нафақат автомагистралларга, балки ички йўлларга ҳам эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди

Шавкат Мирзиёев нафақат автомагистралларга

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўрди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Илгари бу кўча ўртасидаги майдон бетон девор билан ўралгани сабабли йўл жудаям тор эди. Юнусобод метро йўналишининг давоми қурилиши натижасида бу жой очилди. Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 км қисми 6 қаторли қилиб қайта қурилди.
 
«Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этилди. Энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатилди. Яна бир муҳим жиҳати – Аҳмад Дониш кўчаси ўртасидаги яшил ҳудуд ва кўча бўйларидаги дарахтлар сақлаб қолинди. 1850 та манзарали дарахт кўчати экилди», – дейилади хабарда.

Чорраҳаларда йўл 92 метргача кенгайтирилган. Транспорт воситалари ўнг тарафга тўхтовсиз ҳаракатланиши кўзда тутилган. Бу Аҳмад Дониш, Амир Темур, Боғишамол каби кўплаб кўчалардаги тирбандликни камайтиради. Тошкент ва Қибрай туманлари аҳолисининг пойтахт марказига етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради. Ушбу янги трассада бир кунда 60 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин.
 
Туркиянинг «Kalyon» ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан, Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида 8 қаторли янги автомобиль йўли қуриш, 2 қаторли мавжуд йўлни реконструкция қилиш, энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатиб, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бир километр йўл қуришга юртимиз ва хорижда кетадиган маблағ ҳамда материаллар қатламини таҳлил қилиш асосида йўл индустриясини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Автомагистраллар билан бирга ички йўлларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.