Шавкат Мирзиёев Шерободда қуёш электр станцияси қурилиши шарафига капсула қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига келиб, Шеробод туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси қуриладиган майдонга борди ва у ерда қуёш электр станциясининг пойдеворига капсула қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Лойиҳани амалга оширишга 50 дан ортиқ халқаро компания қизиқиш билдирди. Икки босқичли танловдан сўнг, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлди.

Лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.

“Masdar” компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Ушбу йирик иншоотни 2023 йил августда ишга тушириш режалаштирилган.

Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.